Ўзбекистонда узумчилик ва виночиликни ривожлантириш бўйича агентлик ташкил этилади
Тошкент. 7 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда узумчилик ва виночиликни ривожлантириш бўйича агентлик ташкил этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу президентнинг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.
Агентликнинг асосий вазифалари сифатида узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш, ташқи бозорлар конъюнктурасини чуқур маркетинг тадқиқотлари ўтказиш йўли билан соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, маҳаллий виночилик маҳсулотларини республикада, жумладан, хорижда ҳам оммалаштириш кабилар айтиб ўтилган.
Бундан ташқари, агентлик “хорижий ва маҳаллий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва тармоқнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилиш орқали узумчилик ва виночилик соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашади”.
Шунингдек, “Ўзшаробсаноат” АЖ тугатилади, компаниянинг ташкилотлар низом жамғармасидаги улуши Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига берилади.
Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги “Зомин узумчилик ўқув маркази” МЧЖ ва “Марказий синов лабораторияси” МЧЮ низом жамғармасида улуш олади.
“Зомин узумчилик ўқув маркази” “Узумчилик ўқув маркази” ДУКга, “Марказий синов лабораторияси” эса “Энология лабораторияси” ДУКга айлантирилади.
Сурат манбаи: http://gtn.uz


