Ўзбекистонда Volkswagen Amarok пикаплари йиғилади

Дата: 17:02, 16-11-2017.

Тошкент. 16 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Volkswagen Amarok пикаплари йиғилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир келишувга “Ўзавтосаноат” АЖ ва Volkswagen AG ўртасида бўлиб ўтган ўзбек-герман форуми доирасида эришилди. Ушбу масала бўйича тегишли келишув ҳам имзоланди. Лойиҳа 2018-2019 йилларда JV MAN Auto-Uzbekistan қўшма корхонасининг мавжуд қувватларида амалга оширилади.

Шундай қилиб, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича дунёдаги этакчи учликка кирувчи Volkswagen гуруҳи Ўзбекистон бозорига киради.

Volkswagen Amarok – Volkswagen гуруҳи моделлари линейкасидаги ўрта ўлчамли пикап ҳисобланади. Автомобиль 4MOTION доимий ҳаракатланиш тизими, 8 босқичли тезлик қутиси ва уч литрли V6 TDI двигател билан жиҳозланган.

Бугунги кунда JV MAN Auto-Uzbekistan қўшма корхонаси қувватларида MAN A22 CNG автобуслари ишлаб чиқарилмоқда.

Эслатиб ўтамизки, келишувга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегациясининг Германияга расмий ташрифи доирасида эришилди.

 

Янгилик билан ўртоқлашиш: