Ўзбекистонда вояга етмаганларнинг МДҲ мамлакатларига чиқиш тартибига тузатишлар киритилди

Дата: 15:15, 26-08-2014.

Тошкент. 26 август. ЎзТАГ - Ўзбекистонда вояга етмаганларнинг МДҲ мамлакатларига чиқиш тартибига тузатишлар киритилди, дея хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир маълумотлари «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси сайтида эълон қилинди.

Ўзгартишларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг 16 ёшга тўлмаган фуқаролари МДҲ мамлакатларига катталар ҳамроҳлигида биометрик паспорти бўлган ҳолда ва унга ҳамроҳлик қилаётган киши вояга етмаган шахснинг биометрик паспортининг рухсат берувчи ёзувида кўрсатилган ҳолда чиқиши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 16 ёшга тўлмаган фуқаролари МДҲ мамлакатларига вояга етган шахс ҳамроҳлигида биометрик паспортнинг HAMROHLIK QILUVCHI SHAHS штампида кўрсатилган вояга етган шахс билан бирга чиқиши мумкин. Ушбу штамп ИИВ Кириш-чиқиш бошқармаси томонидан қўйилган бўлиб, юмалоқ гербли муҳр билан тасдиқланган бўлиши лозим.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 15 ёшга тўлмаган фуқаролари МДҲ мамлакатларига катталар ҳамроҳлигисиз биометрик паспорти ва ота-онаси ёки васийларининг нотариал равишда тасдиқланган "Ўзбекистон ҳаво йўллари” номига ёзилган розилиги бўлган ҳолда чиқиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқаролари МДҲ мамлакатларига катталар ҳамроҳлигисиз мустақил равишда чиқиши биометрик паспорти бўлган ҳолда ва ота-онаси ёки васийларининг нотариал равишда тасдиқланган розилиги бўлган ҳолда амалга оширилиши мумкин, дейилади авиакомпания хабарида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: