Ўзбекистонда Woy-Wo' интернет-тўловлар портали ишга туширилди
Тошкент. 5 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ягона умумреспублика процессинг маркази (ЯУПМ) томонидан Woy-Wo' бренди остида интернет-тўловлар портали ишлаб чиқилиб, ишга туширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Портал Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган 2016-2018 йилларда электрон тижоратни ривожлантириш концепцияси доирасида ишлаб чиқилди”, - дейилади ЯУПМ матбуот хизмати хабарида.
Таъкидланишича, ушбу тизимнинг асосий имкониятларидан бири Uzcard онлайн пластик карталар орқали жисмоний шахсларнинг банк ҳисобларидан Интернет орқали нақд пулсиз тўловларни ўтказишдан иборат.
Woy-Wo' портали орқали мобил алоқа, интернет-провайдерлар, суғурта компаниялари, коммунал хизматлар учун тўловларни амалга ошириш мумкин. Операциялар фойдаланувчида онлайн-карта бўлган ҳолда амалга оширилади.
UzCard тизимида рўйхатдан ўтган барча фойдаланувчилар Woy-Wo‘дан ўша логин ва паролларини қўллаган ҳолда фойдаланишлари мумкин.
Тез орада порталнинг iOS ва Android платформалари учун мобил иловасини ишга туширишни режалаштирилмоқда.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда ЯУПМ доирасида 26 тижорат банкларининг тўлов тизимлари бирлаштирилган, сўмли пластик карталар бўйича нақдсиз тўловлар тизими яратилган. У “Uzcard” БТТ иштирокчи банклари томонидан чиқарилган карточкаларга хизмат кўрсатади.


