Ўзбекистонда ЙҲҚ бузганлик учун энг кўп жарима деярли 22,5 млн сўмни ташкил қилади

Дата: 16:28, 27-10-2016.

Тошкент. 27 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ЙҲҚ бузганлик учун энг кўп жарима 22 млн 466 минг 250 сўмни ташкил қилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

UzNews сайтида эълон қилинган “Ўзбекистонда ЙҲҚ бузганлик учун жарималар жадвали”га кўра, ушбу жарима “транспорт воситасини бошқаришга алкоголь, наркотик ва бошқа мастлик ҳолатида бўлган ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларни қўйганлик” учун солинади.

Шу билан бирга, “қоидаларга хилоф равишда йўл транспорт ҳодисаси иштирокчилари томонидан воқеа жойини тарк этиш” учун 2 млн 995 минг 500 сўм жарима кўзда тутилган.

Бундан ташқари, маъмурий жазо қўлланганидан кейин ёки уч баравар ва ундан кўп бор маъмурий чоралар кўрилганидан кейин ЙҲҚ қайта жиддий бузганлик учун 2 млн 246 минг 625 сўм тўлаш зарур бўлади.

Айни пайтда энг кам жарима – 29 минг 955 сўм “транспорт воситасини бошқариш ёки йўловчиларни ташиш чоғида хавфсизлик қайишларидан, шунингдек, мотоциклчилар томонидан мотошлемлардан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаганлик” учун кўзда тутилган. 

$1=3083,96 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: