Ўзбекистонда йўлларни қуриш ва таъмирлашга деярли икки баравар кўп маблағ ажратилади

Дата: 15:01, 30-04-2018.

Тошкент. 30 апрел. ЎзТАГ – 2018 йилда Ўзбекистонда автомобиль йўлларида 7249,9 км узунликда умумий қиймати 3 трлн 739,3 млрд сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу 2017 йилга нисбатан 1,8 бараварга кўпдир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида гапирилди.

Хусусан, қишлоқ жойларда 2754 км ички хўжаликлараро йўлларни таъмирлаш, 600 км.дан ортиқ шаҳар ва намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган қишлоқ массивларнинг кўчаларини ҳамда 280 км магистрал йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, 3634 км умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш кўзда тутилган.

Бундан ташқари Ўзбекистон президентининг ҳудудларга бўлган ташрифлари давомида берилган топшириқларга мувофиқ, дастурга қўшимча равишда яна 315 км ички хўжаликлараро йўллар ва кўчаларда қурилиш ҳамда таъмирлаш ишлари бошланади.

2018 йилнинг 1-чорак якунлари бўйича Республикамиздаги 210 км ички ва минтақавий автомобиль йўллари таъмирланди.

Шунингдек, 6та лойиҳага Халқаро молиявий институтлар маблағларини жалб қилиш ҳисобига 75,5 км қурилиш ишлари бажарилиши режалаштирилган. Булар – Наманган вилоятидаги “Қамчиқ” довонида, А-380 автомобил йўлининг Бухоро – Газли йўналишида, Сурхондарё вилоятида М-39 автомобил йўлининг Термиз-Бойсун йўналишида, Қашқадарё вилоятида – “Қарши-Шахрисабз” йўналишида, Ғузор-Чим-Кўкдала йўналишидаги 4Р87 автомобил йўлида, Андижон, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятлари ҳудудларидан ўтувчи маҳаллий аҳамиятига эга автомобил йўллари тўла таъмирланиши, кабилардир.

Сурат манбаи: http://anons.uz/site/index?api=&page=199

Янгилик билан ўртоқлашиш: