Ўзбекистонда йўловчиларнинг божхона декларациялари бўйича тартиблар соддалаштирилди

Дата: 14:46, 14-08-2014.

Тошкент. 14 август. ЎзТАГ – Ўзбекистонда йўловчиларнинг божхона декларациялари бўйича тартиблар соддалаштирилди, дея хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу тўғрисидаги маълумотлар Norma.uz сайтида жойлаштирилган.

Пассажирлар божхона декларацияларини тўлдириш ва расмийлаштиришнинг янги Йўриқномасига мувофиқ, агар шахс декларацияни мустақил тўлдира олмаса (руҳий ҳасталик, ақли заифлик, жисмоний имкониятлари чекланганлик ва ҳ.к. сабабли) хужжат унга ҳамроҳлик қилаётган шахс томонидан тўлдирилади. Айни пайтда декларацияда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик декларацияни тўлдирган ва имзолаган шахс зиммасида бўлади.

Бундан ташқари, хужжатда резидентларнинг Ўзбекистондан чиқиши ва чиқиб кетишида декларация битта нусхада тўлдирилиши белгиланган бўлиб, у божхона органида қолади.

Шу билан бирга багаж орқали товарлар, транспорт воситалари ва буюмларни жўнатишда декларацияни юқоридаги нарсаларнинг эгаси шахсан тўлдиради.

Шунингдек, декларацияни йўқотиб қўйган киши божхона органидан унинг нусхаси ва товар/буюмлар олиб ўтилганлигини тасдиқловчи маълумотларни олишга ҳақли.

Шунингдек, декларациянинг ўзи ҳам янгиланди. Ундан бирга олиб ўтиладиган ва бирга олиб ўтилмайдиган багажни бўлишга доир ва “Хизмат белгилари учун” бўлинмалари олиб ташланди.

Транспорт воситаларини декларация қилишда автомобилнинг давлат рақами ва маркасини кўрсатишнинг ўзи кифоя, дейилади хужжатда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: