Ўзбекистонда ягона мактаб формасини махсус дўконлар орқали сотиш режалаштирилмоқда

Дата: 17:33, 28-01-2019.

Тошкент. 28 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ягона мактаб формасини махсус дўконлар орқали сотиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги маълумотларига кўра, бу ҳақида 22 январ куни Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида видеоконференция тарзидаги йиғилишда сўз борди.

“Мактаблар раҳбарларига ота-оналар мажлисларида таълим муассасаларига мактаб формасининг афзалликлари тўғрисида тушунтириш ишларини доимий равишда олиб бориш, мактаб директорлари ёки синф раҳбарлари томонидан ягона мактаб формасини сотиб олиш жараёнига аралашувини қатъиян чеклаш бўйича чоралар кўриш бўйича кўрсатмалар берилди”, – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда республиканинг ҳар бир туман (шаҳар) марказининг аҳолига қулай жойларида мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг савдо шаҳобчаларини ташкил этишлари, савдо шаҳобчаларининг жойлашиш манзилларини оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ягона мактаб формаси 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб жорий этилади. Шунингдек, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар рўйхатини ҳудудлар бўйича шакллантиради.

Сурат манбаи: https://news.mail.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: