Ўзбекистонда ЯИДХП орқали автомобиль сотиб олиш учун электрон ариза бериш мумкин

Дата: 14:40, 30-11-2017.

Тошкент. 30 ноябр. ЎзТАГ – Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг янги версиясида GM-Uzbekistan автотранспорт воситасини сотиб олиш учун электрон ариза бериш мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

  Бу янгиланган порталнинг авто эгалари учун интерактив хизматларидан биридир. Шунингдек, порталда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималарнинг бор-йўқлигини текшириш, автотранспорт воситасининг суғурта полиси тўғрисида маълумот олиш мумкин.

Автотранспорт воситасини харид қилиш учун электрон ариза юбориш хизмати жисмоний ҳамда юридик шахсларга кўрсатилади. Аризада дилер, шартнома тузилаётган муассаса номи, автотранспорт тури, модификацияси ва рангини танлаш керак бўлади. Шунингдек, тизим фойдаланувчига ўзининг навбатини кузатиб бориш имконини беради.

Электрон ариза хизматидан фойдаланган бўлажак авто эгаси тайёр шартномани олиб кетиши зарур бўлади. Бу ҳақида телефонда хабар берилади.

Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималарнинг бор-йўқлигини онлайн текшириш хизматидан автомобилнинг давлат рақами ҳамда рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги техник паспортидаги рақамни кўрсатиш орқали фойдаланиш мумкин.
 Автотранспорт воситасининг суғурта полиси тўғрисида маълумот олиш хизмати фойдаланувчи шахсий кабинетидаги “Менинг автотранспортим” бўлимида тақдим этилган маълумотлар асосида кўрсатилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: