Ўзбекистонда яна бир эркин индустриал ҳудуд очилади

Дата: 08:58, 06-10-2016.

Самарқанд. 6 октябр. ЎзТАГ – Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яна бир, мамлакатдаги тўртинчи эркин индустриал ҳудуд очилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташриф чоғида маълум қилди.

 “Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ургут туманининг ресурс базасидан самарали фойдаланиш, саноат ва экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш, инвестиция ва илғор технологияларни жалб этиш мақсадида Ургут эркин индустриал зонаси ташкил этилишини алоҳида қайд этди”, - дейилади ҳукумат хабарида.

2017 йилда туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича яна 78 лойиҳани амалга ошириш ва 3 минг 400 иш ўрни ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Бугунда туманда 40 саноат корхонаси, жумладан, 19 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларда 1,2 мингга яқин киши меҳнат қилмоқда. Ўтган йили саноат зонасида қиймати 157,5 миллиард сўмлик 20 турдан зиёд саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, экспорт ҳажми $10 млндан ошди. Хусусан, бу ерда маҳаллий хом-ашёдан гилам ва гилам маҳсулотлари, синтетик тола, электр духовкалар, газ плиталари, бир марта ишлатиладиган пластик идишлар, полимер елим ва бошқа маҳсулотлар тайёрланмоқда. 

Эслатиб ўтамизки, ҳозирда мамлакатда уч ЭСИҲ фаолият юритмоқда. Булар “Навоий” ЭСИҲ, “Жиззах” ЭИҲ ва “Ангрен” ЭИҲдир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: