Ўзбекистонда яна бир корейс олий таълим муассасасининг филиалини очиш режалаштирилмоқда

Дата: 17:41, 03-03-2016.

Тошкент. 3 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Корея фан ва технологиялар институти (KAIST – Korea Advanced Institute of Science and Technology) филиали очилиши мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу масала пойтахтда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим вазирлигида KAIST делегацияси билан учрашувда муҳокама қилинган.

Вазирлик матбуот хизматидан маълумот қилишларича, Корея фан ва технологиялар институти инженер ва техник соҳалар мутахассисларини тайёрлаш билан шуғулланади.

KAIST Корея Республикаси таълим бозори етакчиларидан саналади. KAISTнинг асосий ғояси стратегик фикрлаш даражасига эга бўлган амалиётчи мутахассисларни тайёрлашдан иборат.

KAISTдаги таълим йўналишлари бошқарув мактаби, молия ва бухгалтерлик ҳисоби олий мактаби, Информацион технологиялар ва ОАВни бошқариш Олий мактаби, Табиатни муҳофаза қилиш олий мактаби йўналишлари ҳисобланади.

Эслатиб ўтамизки, 2014 йилда Тошкентда Жанубий Кореянинг Инха Университети филиали очилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: