Ўзбекистонда янги автомобиль заводининг қурилиши бошланди

Дата: 10:16, 07-07-2017.

Тошкент. 7 июл. ЎзТАГ – “Жиззах” эркин иқтисодий ҳудудида Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive автомобиль заводи пойдеворининг тамал тошини қўйишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Завод қурилиши учун “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида 45 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, бу ерда йилига 16 минг дона замонавий автомобиль ишлаб чиқарилади. Заводни лойиҳалаштириш Peugeot Citroen гуруҳининг тажрибали инженерлари томонидан француз ширкати талаб ва стандартлари асосида амалга оширилмоқда”, - деб таъкидлашди “Ўзавтосаноат” матбуот хизматида.

Заводни Европанинг энг юқори стандартлари бўйича ишлаб чиқаришнинг автоматлаштирилган жараёни ва сифат назоратини таъминлайдиган замонавий технологик линиялар билан жиҳозлаш режалаштирилган. Завод қурилиши маҳаллий бош пудратчи томонидан франциялик ҳамкорлар назоратида қисқа вақтларда амалга оширилади.    

Эслатиб ўтамизки, 16-май куни “Ўзавтосаноат” АК ва “Пежо Ситроен” концерни ўртасида йўловчи ва юк ташишлар учун мўлжалланган, “Peugeot” ва “Citroën” брендлари остида енгил тижорат автомобилларини тўлиқ цикл бўйича ишлаб чиқарувчи қўшма корхонани яратиш ҳақидаги келишув имзоланган эди.

Француз томони янги технологиялар, замонавий ишлаб чиқариш жараёнларини тақдим қилади ҳамда ходимларни ўқитади. Завод ишлаб чиқариш ва сифатни бошқариш бўйича замонавий харид, етказиб бериш ва сотиш тизимларига мувофиқ фаолият юритади. Шунингдек, ишлаб чиқаришнинг биринчи йилидан бошлаб автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарни жалб этиш йўли билан камида 50% маҳаллийлаштириш даражасини таъминлаш режалаштирилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: