Ўзбекистонда янги эркин иқтисодий зона ташкил этилди

Дата: 13:45, 13-04-2018.

Тошкент. 13 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда янги “Сирдарё” эркин иқтисодий зонаси (ЭИЗ) ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 12 апрелдаги “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.

“Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасини (кейинги ўринларда “Сирдарё” ЭИЗ деб аталади) “Жиззах” ЭИЗ Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги филиали ва Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳридаги кичик саноат зонаси негизида ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин”, - дейилади Ҳукумат порталига жойлаштирилган хабарда.

Шунингдек, икки ой муддатда Сирдарё вилоятининг мавжуд минерал–хом ашё ресурсларини инобатга олган ҳолда, “Сирдарё” ЭИЗ ҳудудида импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар турларини ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш бўйича аниқ таклифлар – “йўл харита”лари ишлаб чиқилишини таъминлаш топширилди.

Сурат манбаи: http://www.aloqada.com/News/2015/06/22/pravitelstvom-uzbekistana-utverzhden-genplan-goroda-gulistana

Янгилик билан ўртоқлашиш: