Ўзбекистонда янги ижтимоий тармоқ ишга туширилди

Дата: 12:50, 02-06-2016.

Тошкент. 2 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Davra.uz номли янги ижтимоий тармоқ ишга туширилди. Бунга бағишланган матбуот анжумани Тошкентда бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ҳозирда ижтимоий тармоқларни Интернетдаги энг оммабоп платформалардан бири дейиш мумкинлиги таъкидланди. Ўзбекистон фуқаролари орасида “Одноклассники”, “Мой Мир”, “ВКонтакте” ва Facebook жуда оммабоп.

UZ домен ҳудудидаги ижтимоий тармоқларга келсак, WWW.UZ каталоги статистикасига кўра, Узнетда 37 ижтимоий тармоқ мавжуд бўлиб, улардан кўпчилиги ишламайди.

Davra.uz янги ижтимоий тармоғи UZINFOCOM Маркази томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги кўмагида ишлаб чиқилган.

Davra.uz ижтимоий тармоғида ID.UZ орқали авторизациядан ўтиш мумкин. Мобиль қурилмалар орқали ҳам фойдаланиш имконияти мавжуд бўлиб, интерфейс ўзбек ва рус тилларида ишлаб чиқилган.

Ҳозирги пайтда Davra.uz ижтимоий тармоғида 2200 дан ортиқ фойдаланувчи рўйхатдан ўтган бўлиб, қизиқишлар бўйича 50 та саҳифа ва 60 та гуруҳ яратилган.

Ижтимоий тармоқда матн, расм ва видеоларни жойлаштириш, лайклаш, изоҳ қолдириш ва мессенжерда мулоқот қилиш мумкин. Шу билан бирга, тадбирлар яратиб, унга танишларни таклиф қилиш мумкин. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: