Ўзбекистонда янги махсус агентлик ташкил этилди

Дата: 17:28, 10-10-2019.

Тошкент. 10 октябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Сув хўжалиги соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича янги агентлик ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори қабул қилинди (4486-сонли, 09.10.2019 й.). Қарорга мувофиқ, Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги сув хўжалиги соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги ташкил этилди", - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, агентлик сув хўжалиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳаларни шакллантириш ва тайёрлаш, шунингдек, уларни амалга оширишга масъул ҳисобланади.

Қарорга мувофиқ, Сув хўжалиги вазирлиги органлари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи уларнинг базавий тариф ставкаларига тузатиш 1 ноябрдан 1,1 ва 2020 йил 1 январдан 1,2 коэффициенти миқдорида оширилади.

Шунингдек, 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари ҳар чоракда тегишли туман Халқ депутатлари кенгашига сув ресурсларини бошқариш ҳолати тўғрисида ҳисобот тақдим этмоқдалар.

Бундан ташқари, қарор билан 2020 йилдан бошлаб сув хўжалиги ташкилотларининг сув етказиб бериш харажатларининг бир қисмини сув истеъмолчилари билан қоплаш механизмларини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва модернизация қилиш харажатларининг умумий ҳажмида бюджет маблағлари улуши босқичма-босқич камаяди.

Шу билан бирга, сув хўжалиги соҳасидаги долзарб йўналишлар бўйича камида 10 та илмий ва инновацион ишланмаларни жорий этиш, сув хўжалиги объектларида электр энергияси истеъмолини камида 10 фоизга камайтириш, сув хўжалиги 300 иншоот ва гидроузелларида сувни назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизимини автоматлаштириш, шўрланган ер майдонларининг улушини 45% га камайтириш кўзда тутилмоқда.

Сурат манбаи: ruspekh.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: