Ўзбекистонда янги намунали қишлоқ уйларини қуришга 2 трлн сўмдан ортиқ сарфланади

Дата: 22:21, 22-12-2016.

Тошкент. 22 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 2017 йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурини молиялаштиришга 2 трлн 121,5 млрд сўм йўналтирилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Ушбу маълумотлар 21 декабрда “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ матбуот анжуманида очиқланди.

Маълумки, 2016 йил 21 октябрда Ўзбекистон президентининг “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Қарорга кўра, хўжалик иморатлари ва обод ҳовлилари бўлган икки, уч қаватли кўп квартирали (2, 3 хонали) ҳамда майдони 0,02 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 2 ва 3 хонали ва шу билан бирга, ҳовлидаги иморатлар билан биргаликда майдони 0,04 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган арзон уйларнинг янги намуналари жорий этилди.

Уйларни қурувчилар учун бошланғич бадал атига 15%ни ташкил этади. Дастурни молиялаштиришга уй қурувчиларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 478,9 млрд сўм, давлат бюджети, шунингдек, тижорат банклари маблағлари ҳисобидан 1 642,6 млрд сўмлик кредит маблағлари ажратилиши кўзда тутилган.

Биринчи турдаги (2-3 хонали) уйларнинг қиймати 85-100,7 млн сўмни, иккинчи турдагисиники  101,5-118,7 млн сўмни, учинчисиники эса 181,8 млн сўмни ташкил қилади.

Вазирлар Маҳкамаси ижтимоий эҳтиёжлардан келиб чиқиб қурилиш ташкилотларини танлаш тартиби ҳам қабул қилинган. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: