Ўзбекистонда янги пластик ҳайдовчилик гувоҳномалари жорий этилади
Тошкент. 3 июл. ЎзТАГ – 2017 йил 1 октябридан 2020 йил 31 декабргача Ўзбекистонда миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларининг янги намуналарига алмаштириш ҳайдовчилар томонидан паспорт ва эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда унинг талони тақдим этилганда амалга оширилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ИИВ сайтига асосланган ҳолда.
Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси халқаро стандартлар асосида пластикдан тайёрланади. Гувоҳнома ўлчами 54х86 миллиметрни ташкил этади. Гувоҳноманинг ранги – оч пушти. Серияли рақами икки ҳарфли, номери олти рақамли бўлади. Гувоҳномада жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШ ШИР) ва қурилмалар ўртасида маълумотларни бевосита алоқасиз амалга ошириш имконини берувчи махсус электрон белги NFC смарт-карти бўлади.
Янги нусхадаги гувоҳномада А, В, С, Д, ВЕ, СЕ ва ДЕ тоифалари бўлади. Ушбу тоифаларни бошқариш учун миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳақиқийлиги тегишли пиктограммалар билан ифодаланган.
Е тоифаси учга бўлинган. Бунда ВЕ – А тоифасига кирмайдиган, тўла вазни 3,5 тоннагача бўлган ва ҳайдовчи ўрнидан ташқари ўриндиғи саккизтадан ошмайдиган автомобилларни тиркама билан бошқаришга, СЕ – Д тоифасига кирмайдиган, тўла вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларини тиркама билан бошқаришга, ДЕ – йўловчи ташишга мўлжалланган, ҳайдовчи ўрнидан ташқари ўриндиғи саккизтадан ортиқ автомобилларни тиркама билан бошқаришга рухсат берилишини билдиради.
Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома ҳам янгиланди. Бу гувоҳноманинг ўлчами ҳам 54х86 миллиметр бўлиб, пластикдан тайёрланади. Гувоҳноманинг ранги – кўк. Серияли рақами икки ҳарфли, номери олти рақамли бўлади. Гувоҳномада жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШ ШИР), юридик шахс учун солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) ва қурилмалар ўртасида бевосита алоқасиз ахборот айирбошлаш имконини берувчи электрон белги NFC смарт-карти бўлади. Улар мукаммал ҳимоя воситаларига эга.
Гувоҳноманинг орқа томонида автомототранспорт воситаси тўғрисидаги маълумотлар, яъни ишлаб чиқарилган йили, тури, кузов/шоссе рақами, тўла вазни, юксиз вазни, двигателнинг тоифаси ва қуввати, ёнилғи тури, ўриндиқлар сони, тик туриладиган ўринлар сони ҳамда алоҳида белгилар мажбурий тартибда кўрсатилади.
Жорий этилаётган мазкур янгиликлар мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг янги босқичи бўлиб, босқичма-босқич автомототранспорт воситасини мажбурий техник кўрикдан ўтказишда амалга оширилади.
Эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.


