Ўзбекистонда янги сиёсий партия таъсис этилди

Дата: 10:03, 09-01-2019.

Тошкент. 9 январ. ЎзТАГ – Куни кеча, 8 январда Ўзбекистон Экологик партиясининг таъсис съезди бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Съездда Ўзбекистон экологик партиясини таъсис этиш бўйича қарор қабул қилинди. Партиянинг Марказий Кенгаши аъзолари, Назорат-тафтиш комиссияси аъзолари сайлаб олинди, партия Устави ва Дастури ҳамда кўриб чиқилган бошқа масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди”, - дейилади партия ташкилий қўмитасининг хабарида.

Қайд этилишича, янги партия парламентнинг қуйи палатасида 15 кафолатланган ўринга эга бўлган Ўзбекистон экологик ҳаракати вориси бўлади. 2017 йилнинг декабр ойида Ўзбекистон президенти парламентга мактуб йўллаб, Экология ҳаракати учун жойлар квотасидан воз кечишни, партияга бошқа сиёсий кучлар билан қуйи палатага сайловларда тенгма тенг иштирок этишни таклиф қилган эди.

Шу муносабат билан атроф-муҳитга йўналтирилган янги сиёсий партия ташкил этилди. “Унинг асосий эътиборини атроф-муҳитни муҳофаза қилишга йўналтирилади, токи бу иш мамлакатнинг ҳар бир фуқаросининг бурчига айлансин”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, партияни ташкил этиш тўғрисидаги қарор 2018 йил 14 ноябрда экологик экспертлар, шифокорлар, олимлар, таълим соҳаси вакиллари ва турли фуқаролик жамияти институтлари вакиллари бўлган бир гуруҳ фуқаролар йиғилишида қабул қилинган эди.

Ўзбекистонда тўртта сиёсий партия - Либерал-демократик партия (ЎзЛиДеП), “Миллий тикланиш” демократик партия, Халқ демократик партияси (ХДП) ва “Адолат” социал-демократик партиялари расмий рўйхатга олинган.

Сурат манбаи: https://resymat.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: