Ўзбекистонда янги Соғлиқни сақлаш вазири тайинланди
Тошкент. 22 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда янги Соғлиқни сақлаш вазири тайинланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу вазифага Алишер Шодмонов тайинланди.
Муассаса ахборот хизмати маълумотига кўра, бунга қадар у Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси бўлиб, “Адолат” партияси аъзоси.
Бошқа манбаларга кўра, 55 ёшли Алишер Шодмонов, тиббиёт фанлари доктори, профессор. 1985 йилда Андижон тиббиёт институтини тугаллаган.
Эслатиб ўтамизки, 2016 йил декабрдан бери Соғлиқни сақлаш вазирлигининг раҳбари бош вазир ўринбосари Адҳам Икромов эди.
Маълумки, 5 январда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашувда соҳани янада такомиллаштириш, мавжуд муаммоларни бартараф қилиш бўйича чоралар кўришни топширган эди.
Бундан ташқари, феврал бошида Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан видеоселектор йиғилиши ўтказиб, бу мажлис телевидение орқали намойиш этилган эди. Унда президент порахўрлик ўта авж олган туғруқхоналардаги аҳволга эътибор қаратган ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икромовдан мазкур жойларни тартибга келтириш чақирган эди.