Ўзбекистонда янги "Темурбеклар мактаби" ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди
Тошкент. 15 июль. ЎзТАГ – Ўзбекистонда янги "Темурбеклар мактаби" ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"Президентимизнинг "Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди (ПҚ - 4375, 28.06.2019 й.)», - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Таъкидланганидек, "Темурбеклар мактаби" Фарғона ҳарбий-академик лицейи (Мудофаа вазирлиги таркибида), Қибрай ҳарбий-академик лицейи (Давлат хавфсизлик хизмати таркибида), Нукус ҳарбий-академик лицейи (Ички ишлар вазирлиги таркибида), Тошкент ҳарбий-академик лицейи (Миллий гвардия таркибида), Шаҳрисабз ҳарбий-академик лицейи (Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таркибида) ташкил этилди.
Шунингдек, қарорда "Темурбеклар мактаби"нинг тубдан янги ҳарбий-академик лицейларини ташкил этиш ва уларда ўқув-тарбия жараёнини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури (йўл харитаси), ҳарбий-академик лицей тўғрисидаги низом, ҳарбий-академик лицейларнинг намунавий ташкилий-штат тузилмаси, "Темурбеклар мактаби" ҳарбий-академик лицейларига бириктирилган олий, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг рўйхати тасдиқланди.
Янги ташкил этилган "Темурбеклар мактаби"га қабул қилиш ва ўқитиш 2020/2021 ўқув йилидан бошланади.
Сурат манбаи: afisha.uz