Ўзбекистонда янги турдаги паспортлар пайдо бўлади
Тошкент. 24 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Спорт паспорт намунаси ва унинг ҳақидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Спорт паспорти ягона намунадаги ҳужжат бўлиб, спортчининг жисмоний тарбия-спорт ташкилотига мансублигини ва унинг спорт малакасини тасдиқлайди. Республикада икки шаклдаги: китобча шаклидаги спорт паспорти ҳамда пластик шаклдаги спорт паспорти жорий қилинади.
“Низомга мувофиқ спорт паспорти ўсмирлар учун иккинчи спорт разрядидан паст бўлмаган разрядга эга бўлган, тегишли спорт тури билан мунтазам равишда шуғулланиб келаётган ва спорт мусобақаларида доимий равишда иштирок этувчи спортчига берилади. Ҳужжат спортчининг бир жисмоний тарбия-спорт ташкилотидан бошқасига ўтишида, спортчини спорт мусобақаларида иштирок этиш учун рўйхатга олишда, спортчининг тиббий текширувдан ўтишида, спортчи томонидан спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш учун зарур бўлган нормалар ҳамда талаблар бажарилишида қўлланади”, - деб таъкидлашди Адлия вазирлигида.


