Ўзбекистонда янгидан тузилган Хотин-қизларни ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш жамоат фонди учун 300 млрд сўм маблағ ажратилмоқда
Тошкент. 9 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда янгидан тузилган Хотин-қизларни ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш жамоат фонди учун 300 млрд сўм маблағ ажратилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Фармонга биноан (“Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги - ЎзТАГ) шу йил 1 апрелдан бошлаб фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилмоқда”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувдаги нутқида.
Ана шу маблағ ҳисобидан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандликка кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилади, деб давом этди давлат раҳбари. “Бу борадаги саъй-ҳаракатлар фаол тадбиркорликни ривожлантириш, аёлларнинг оиладан, фарзанд тарбиясидан ажралмаган ҳолда касаначилик, томорқачилик билан шуғулланиши учун зарур шароит яратади”, - деб таъкидлади Мирзиёев.
Қабул қилинган Фармонга мувофиқ, кам таъминланган, шахсий уй-жойга муҳтож оилаларга уй-жой олиш учун ажратиладиган кредитларнинг бошланғич бадалларини тўлаб беришда ҳам фонд маблағларидан фойдаланиш белгиланган.
Сурат манбаи: https://kun.uz/12223891?q=%2F12223891