Ўзбекистонда япон тилида нотиқлик санъати бўйича конкурс бўлиб ўтади
Тошкент. 4 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Япон тилида нотиқлик санъати бўйича 24-республика конкурси бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Танловдан кўзланган мақсад ўқувчиларда ўқув жараёнини рағбатлантириш, кўпчилик олдида нутқ сўзлаш уқувларини шакллантириш, Ўзбекистонда япон тилини ўқитишни ривожлантириш, икки мамлакат ўртасида маданий алмашинувни чуқурлаштиришдан иборат”, - деб таъкидлашди Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонасида.
Конкурсда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Фарғона ОТМнинг 19 талабаси қатнашади. Танлов шартларига мувофиқ, иштирокчилар япон тилида 5 дақиқалик нутқ сўзлайдилар ҳамда 2 саволга жавоб берадилар. Бунда ҳакамлар тил билимлари даражаси, риторика истеъдоди, танланган мавзу бўйича билим ва мавзунинг ўзига хослигини баҳолайдилар.
Биринчи тўрт ўринни олган иштирокчилар 30 апрелда Алматида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё нотиқлик санъати конкурсида қатнашадилар.
Бундан ташқари, биринчи олти ўринни ҳамда махсус мукофотни олган иштирокчи Японияга икки ҳафталик саёҳатга эришади. Ташриф Марказий Осиё мамлакатлари учун япон тили дастури доирасида Япония Ташқи ишлар вазирлигининг Кўмаклашиш жамғармаси томонидан ташкил этилади.