Ўзбекистонда Японияда ишлашга номзодлар ажратиб олинади
Тошкент. 16 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ташқи миграция масалалари агентлиги Японияда ишлашга номзодларни саралаб олади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Агентликка ушбу топшириқ Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов томонидан япон делегацияси билан учрашувдан сўнг берилди.
Вазирлик маълумотига кўра, делегация Ўзбекистонга “Чуо Санге Шинко” Уюшмаси директори жаноб Казуми Маеда, Three Concier Co., Ltd президенти жаноб Харуки Комине, Kinunokai ижтимоий таъминот Корпорацияси директори жаноб Масао Отани, Medical Brain Co., Ltd президенти жаноб Хироказу Кимура, Wolf Аrden ижтимоий таъминот Корпорацияси бошқарувчиси жаноб Хидемичи Ота ва Priem ижтимоий таъминот Корпорацияси бошқарувчиси жаноб Татцуки Кимурадан иборат таркибда ташриф буюрди.
Учрашувда Ташқи миграция масалалари агентлиги раҳбари в.б. Х.Асамов иштирок этди.
Учрашувда томонлар Япониянинг ижтимоий таъминот ташкилотлари бўйича йирик компанияларига Ўзбекистон фуқароларини танлаб олиш ва жалб қилиш, Фарғона вилоятида Японияда меҳнат фаолиятини олиб бориш учун кадрларни тайёрлаш марказини очиш ва Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва Япония компаниялари ўртасида Ўзбекистон фуқароларини Японияда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жалб қилиш бўйича Меморандум имзолаш масалалари муҳокама қилдилар.
Ўзбек томони Япония меҳнат бозорига малакали мутахассисларни таъминлашиб бериши, бунда Германия ва Туркия давлатлари тажрибасидан келиб чиқиши мумкинлигини билдирди.
Бугунги кунда Япония меҳнат бозорида тиббиёт ходимларига эҳтиёж катта бўлиб, 2017 йил ноябр ойигача ижтимоий таъминот муассасаларига 35 нафар ва 1 йил муддатда минг нафар Ўзбекистон фуқароларини иш билан таъминлаш учун жалб қилишга тайёр эканлигини билдирди.
Япония томонининг кадрларга бўлган эҳтиёжи – япон тили бўйича 4 даражадаги билимга эга ўрта ва кичик тиббиёт ходимларидир.
Танловдан ўтган фуқаролар Ташқи миграция масасалари агентлиги ҳузуридаги Японияга кетаётган фуқароларни жўнаб кетишдан олдинги мослаштириш ва ўқитиш марказида ўқитилиб жорий йил ноябр ойида Японияда меҳнат фаолиятларини бошлашади.