Ўзбекистонда япониялик сайёҳлар учун маҳсус турпакетлар ишлаб чиқилади

Дата: 16:29, 20-09-2017.

Тошкент. 20 сентябр. ЎзТАГ – 19 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Токиода Осиёдаги энг йирик JATA FAIR-2017 сайёҳлик кўргазмаси доирасида JICA япон ассоциацияси вице-президенти Хидетоси Иригаки билан учрашди, деб хабар қилади Туризмни ривожлатириш Давлат қўмитаси.

“Учрашув чоғида иккитомонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, хусусан, Ўзбекистонга ташриф буюраётган Япония сайёҳлари сонини ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Томонлар Кунчиқар мамлакати туристлари учун уларнинг қизиқиши, ёши ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб маҳсус турпакетлар ишлаб чиқиш, шунингдек, айрим ҳудудлар сайёҳлик брендларини яратиш ва илгари суриш, Япония сайёҳлик бозорида жозибадор сайёҳлик маҳсулотларини ишлаб чиқишга келишиб олдилар”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси томонидан JICA билан Ўзбекистонлик мутахассисларни Япония сайёҳлик таълим муассасалари, сайёҳлик ширкатлари ва меҳмонхоналарида тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, япон мутахассисларини Ўзбекистонда курслар ва тренинглар ташкил қилишга жалб қилиш масалалари, Ўзбекистон ва Япония сайёҳлик соҳалари мутахассислари ўртасида давра суҳбатлари шаклидаги ишбилармонлик муҳитини яратиш, Ўзбекистон ҳудудларида япон тили ва маданияти марказларини шакллантириш ва ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, маданий мерос объектларини тиклаш ва асраб-авайлаш учун халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлар грант маблағларини қўшимча равишда жалб қилиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: