Ўзбекистонда ёдгорликлар лойиҳаларига конкурс якунлари сарҳисоб қилинди
Тошкент. 23 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ҳайкалтарошлар орасида Озод Шарафиддинов, Муҳаммад Юсуф, Абдулла Орипов, Ҳамид Олимжон ва Зулфияга ёдгорликлар яратишга конкурс якунлари сарҳисоб қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақида 22 июнда Ўзбекистон Бадиий академияси хабар қилмоқда. Тўрт конкурс якунлари нуфузли жюри томонидан тақдим этилди.
Озод Шарафиддиновга ҳайкал конкурсининг ғолиби кўпчилик овоз билан Баҳром Норбоев деб топилди. Таниқли ижодкор Тўлаган Тожихўжаев иккинчи, Фарит Ахметзянов ва Анвар Раҳматуллаевлар учинчи бўлишди.
Муҳаммад Юсуфга ҳайкал танловининг ғолиби Нурбек Файзиев бўлди, иккинчи ўринни Жасвант Анназаров, учинчини Фарит Ахметзянов ва Анвар Раҳматуллаевлар олишди.
Абдулла Орипов ҳайкалига танлови ғолиби эса Шохрух Ўрозов, Бахром Норбоев ва Шермуҳаммад Алибаевлар бўлишди.
Тўртинчи конкурсда Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкали учун танловда биринчи ўринни таниқли ҳайкалтарош Фарит Ахметзянов, иккинчини Анвар Раҳматуллаев, учинчи ўринни ёш ҳайкалтарош Жасвант Анназаровга насиб қилди.
Барча конкурсларда биринчи ўрин учун 35 млн, иккинчи ўрин учун 20 млн, учинчи ўрин учун 10 млн сўм мукофот берилди.