Ўзбекистонда ёлғондака банкротлик учун жавобгарлик кучайтирилади
Тошкент. 4 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 2019 йил 1 мартга қадар муддатда сохта банкротлик, банкротликни яширганлик ва қасддан банкротликка олиб келганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Президентнинг 1 февралдаги “Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Бош прокуратурага Олий суд билан биргаликда шундай топшириқ берилган.
Қарорга мувофиқ, 1 июлдан бошлаб ўрнатиладиган тартибга мувофиқ, давлат солиқ хизмати органлари солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш имконияти бўлмаганлиги сабабли ижро ҳужжатлари қайтарилган кундан бошлаб 30 кундан кечиктирмасдан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилади.
Банкротлик тўғрисидаги иш банкротлик аломатлари мавжуд бўлган тақдирда, агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар суммаси энг кам иш ҳақи миқдорининг камида 300 каррасини ташкил этадиган бўлса, қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса энг кам иш ҳақи миқдорининг камида 20 каррасини ташкил этадиган бўлса, суд томонидан қўзғатилиши мумкин.
Ҳужжатга мувофиқ, тугатишга доир иш юритиш муддати тўққиз ойдан ошмаслиги лозим, алоҳида ҳолларда ушбу муддат банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахсларнинг илтимосномасига асосан суд қарори билан уч ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
Бундан ташқари, Давлат активларини бошқариш агентлигига бошқа топшириқлар билан биргаликда 2019 йил 1 апрелдан суд бошқарувчилари фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш ҳақидаги маълумотларни ҳар чоракда оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш ва расмий веб-сайтда жойлаштиришни таъминлаш топширилди.
Сурат манбаи: https://abctv.kz