Ўзбекистонда ёрдамга муҳтож қариялар учун махсус дастурлар ишлаб чиқилади

Дата: 19:38, 09-03-2015.

Тошкент. 9 март. ЎзТАГ – 2015 йилда Ўзбекистонда ёрдамга муҳтож ҳар бир қария учун махсус ижтимоий кўмак дастурлари ишлаб чиқилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигидан хабар қилишларича, бу иш “Кексаларни эъзозлаш йили” дастури доирасида амалга оширилади.

Жорий йилдан бошлаб Меҳнатга кўмаклашиш ва ижтимоий муҳофаза марказлари профессионал ижтимоий кўмакнинг замонавий услубларидан фойдаланган ҳолда ҳар бир кексанинг эҳтиёжларини ўрганиб чиқа бошлайди. Бунинг асосида махсус кўмак дастурлари ишлаб чиқилади.

Ҳозирда республикада кексалар ва ногиронларга турли хилдаги ижтимоий кўмак ва хизматлар мажмуи кўрсатиб келинмоқда. Масалан, кексаларнинг олдига ҳафтасига камида икки марта уй хизмати ходимлари келиб, уларга уй юмушларида, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар етказиб бериш, яқинлар билан ёзишишда ёрдам бермоқдалар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: