Ўзбекистонда ёшлар орасида жиноятчилик жиддий хавотирга сабаб бўлди

Дата: 14:51, 16-11-2017.

Тошкент. 16 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ёшлар орасида жиноятчилик жиддий хавотирга сабаб бўлди ва уни камайтириш чоралари муҳокама қилинмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Хусусан, жорий йилнинг 10 ойи давомида ёшларнинг 22 минг нафари жиноятга қўл урган. Бу рақам жиноят содир этган жами шахслар кўрсаткичининг учдан бир қисмини ташкил қилади. Ачинарлиси шуки, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан 875 та, мактаб ўқувчилари томонидан эса 310 та оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилишига йўл қўйилган”, - дейилади Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябр куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишига доир хабарда.

Тошкент юридик коллежи ўқувчилари дарс вақтида муассаса ҳовлисида ўзаро жанжаллашиб, оқибатда бу улардан бирининг ўлимига, бирининг эса оғир жароҳат олишига сабаб бўлгани каби ҳолатлар қайтарилишига йўл қўймаслик зарурлиги таъкидланди. 

“Мажлисда ёшлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш, бу борада таълим муассасалари ва ички ишлар органларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва масъулиятини ошириш масалалари таҳлил қилинди. Шу мақсадда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига ўқувчи-талабаларнинг дарсдан ташқари вақтларини самарали ўтказишни ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, мактабгача ва мактабдаги таълим даврида тадбиркорлик қобилиятини шакллантиришга алоҳида эътибор бериш, бу жараёнга малакали кадрларни жалб этиш, ёшлар учун бизнес соҳасига оид адабиётлар яратиш юзасидан топшириқлар берилди”, - дейилади хабарда.  

Янгилик билан ўртоқлашиш: