Ўзбекистонда ёшлар стартапларини қўллаб қувватлаш дастури бошланди
Тошкент. 10 август. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ёшлар стартап-ташаббусларини қўллаб қувватлаш дастури бошланди. Унда уч босқичли саралашдан ўтган 33 жамоа иштирок этади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
БМТТД сайтидаги маълумотга кўра, Дастурга АКТ ва маълумот хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва йўл инфратузилмаси, тиббиёт, молия ва тўлов тизимлари, “ақлли уй”, текстил ва мода, “Internet of Things” (“Нарсалар интернети”), ресторан бизнеси, таълим, ҳуқуқшунослик ва бошқа шу каби соҳаларга тааллуқли лойиҳалар киритилди.
“Ёш стартап лойиҳачиларни кенг кўламли дастур кутмоқда. Ушбу дастур доирасида “камчиқим стартап” (“Lean Startup”) услубияти, лойиҳани ривожлантириш борасида махсус йўл харитасини тузиш, прототип яратиш, дастлабки сотувларни ташкил этиш кабилар ҳақида маълумот берилади. Дастур жараёнида иштирокчилар жамоанинг ривожланишини кузатувчи ва жамоа олдига қўйилган мақсадларга эришиш масалалари бўйича унга тегишли тавсиялар берувчи тажрибали устозлар билан маслаҳатлашиши ҳамда ҳар ҳафталик “трекшн-учрашувлар” да қатнашиш мумкин бўлади”, - дейилади хабарда.
Мазкур уч ойлик дастур якунлари асосида лойиҳа муаллифлари ўз ишларини “Demo Day”, яъни тақдимот кунида потенциал сармоядорларга, инвесторларга тақдим этиши кутилади.
Эслатиб ўтамизки, ушбу дастурга танлов жорий йилнинг бошида очиқ деб эълон этилган эди. Дастур очилишидан уч ой ўтар-ўтмас Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидаги 33та олий таълим муассасадан 308та ариза қабул қилинди.
Дастлабки танлов натижалари асосида 196 лойиҳа танлаб олинди. Ушбу муаллифларнинг 66 нафари лойиҳаларни тақдим этиш қобилият ва кўникмаларини ривожлантириш мавзусига бағишланган махсус тренингларда қатнашиб, якка тартибда тажрибали устозлар билан яқиндан ишлашга муваффақ бўлди. 57та лойиҳа якуний босқичга ўтиб, экспертлар жамоаси иштирокидаги кенгайтирилган тақдимот йиғилишида муҳокама этилди.
Ташаббус Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистон бизнес форуми (3-босқич)” қўшма лойиҳаси доирасидаги инклюзив бизнес моделларини илгари суриш йўналишининг бир қисми сифатида амалга оширилмоқда. Дастурга Жанубий Африканинг “Sasol” компанияси, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Европа иттифоқининг “Бошқарув кадрларини тайёрлаш дастури” молиявий ёрдам кўрсатмоқда.