Ўзбекистонда ёшлар учун “Бизнес-клублар” ташкил этилади

Дата: 16:26, 17-02-2016.

Тошкент. 17 феврал. ЎзТАГ – 2016 йилда Ўзбекистон шаҳарларининг (туманларининг) баъзи коллежлари базасида ўқувчиларда тадбиркорлик уқувларини шакллантириш мақсадларида учун “Бизнес-клублар” ташкил этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бундан ташқари, ҳар бир коллежда меҳнат ҳуқуқи ва тадбиркорлик бўйича ўқув курслари ташкил этилади. Бу ишлар 2016 йил 9 февралда тасдиқланган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида кўзда тутилган.

Ёшлар, айниқса, қизларнинг истеъдоди ва салоҳиятини юзага чиқариш учун шароитлар яратиш мақсадида Бухоро ва Урганч шаҳарларидаги Ёшлар марказларини, Тошкент вилоятидаги “Камолот” ёшлар оромгоҳи ва ёш оилалар учун дам олиш маскани, Тошкент шаҳридаги “Камолот” ёшлар боғини реконструкция қилиш ҳамда жиҳозлаш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, давлат дастурига мувофиқ, “Мехрибонлик” уйлари болалари ва камтаъминланган оилалар болалари учун музейлар, ботаника боғлари, ҳайвонот боғлари, маданият ва истироҳат боғларига, шаҳарларнинг тарихий жойларига экскурсиялар уюштириш кўзда тутилмоқда. Бу ишлар “Биз – мустақиллик болаларимиз” шиори остида ўтказилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: