Ўзбекистонда ёшлар учун “Парламентаризм билимдони” конкурси бошланди

Дата: 09:39, 16-09-2015.

Тошкент. 16 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбек ёшлари “Парламентаризм билимдони” конкурсида қатнашиб, Конституция ва қонунлар ҳақидаги билимларини синаб кўришлари мумкин. Унинг ўтказилиши ҳақида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан эълон қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ҳаракатдан хабар қилишларича, “Парламентаризм билимдони” онлайн танлови www.pb2015.uz сайтида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида ўтказилади ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллигига бағишланган.

Танлов 13 турдан иборат бўлиб, 2015-йилнинг 8-сентябридан 8-декабрига қадар давом этади. Танлов саволлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг фаолияти (шаклланиш даври, сайловлар ва сайлов кампанияси, парламент фаолиятини тартибга солувчи қонунлар, сон жиҳатдан таркиби, қонун ижодкорлиги фаолияти, парламентни назорати ва ҳоказо) қамраб олган.

Танлов ҳар бир босқичида иштиокчилар учун 5тадан савол вариантлари ва босқич якуни бўйича тўплаган баллари эълон қилиб борилади.

Мазкур танлов совриндорларини тақдирлаш маросими Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллиги арафасида ташкил этилиши кўзда тутилган

Танлов “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан биргаликда ташкил этилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: