Ўзбекистонда ёшларни Интернетдаги таҳдид ва хавфлардан ҳимоя қилиш бўйича қўлланма ишлаб чиқилди
Тошкент. 22 апрел. ЎзТАГ – Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази томонидан “Онлайн муҳитда ёшларни ҳимоя қилиш бўйича қўлланма” ишлаб чиқилди. Бу ҳақида марказ матбуот хизмати хабар берди.
“Ишлаб чиқилган қўлланма вояга етмаганлар ва уларнинг ота-оналарига мўлжалланган бўлиб, унда болаларни Интернет тармоғидаги хавф-хатарлардан асраш ва уларнинг ахборот хавфсизлиги меъёрларига риоя қилишлари бўйича тавсиялар мавжуд”, - дейилади хабарда.
Жумладан, қўлланмада вояга етмаганлар 3 тоифага (7 ёшдан 10 ёшгача, 10 ёшдан 13 ёшгача, 13 ёшдан 16 ёшгача) бўлинган ҳолда, уларга ва уларнинг ота-оналарига бир-биридан алоҳида тарзда таклифлар ва тавсиялар берилган.
Бундан ташқари, қўлланмада ота-оналар учун фарзандларининг Интернет тармоғидан тўғри ва самарали фойдаланишларини таъминлай олишлари учун самарали тавсиялар берилган.
Хабар қилинишича, қўлланма Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг қўшма қарори асосида тасдиқланди. Қўлланманинг тасдиқланиши, шунингдек, Республика Маънавият тарғибот маркази ва Республика “Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши билан келишилди. Қўлланма ўзбек ва рус тилларида чоп этилган.
Қўлланманинг тарқатилиши ёшларни Интернет тармоғидан смарали фойдаланишга ўргатиши, уларнинг тармоқ салбий контентлардан ҳимояланиш усулларига доир билимларини бойитиши ва “Интернет-маданият” тушунчасини шаклантириши кутилмоқда.