Ўзбекистонда йилига 1,4 млн тонна узум етиштирилади
Дата: 16:19, 24-06-2014.
Тошкент. 24 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 9 минг фермер хўжаликлари йилига 1,4 млн тонна узум етиштиради, деб хабар беради 12news.uz нашри.
Ушбу маълумотлар “Ўзвиносаноат-холдинг” компанияси вакиллари томонидан Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Уларнинг сўзларига кўра, холдинг компанияси корхоналари саноат навларига мансуб 130 минг тонна узумни қабул қилиб олишга тайёргарлик кўришмоқда.
“2011-2013 йилларда “Ўзвиносаноат-холдинг” компанияси корхоналарида 5,3 минг гектар ерларга саноат навларидаги токлар экилди, шундан 330 гектарда томчилаб суғориш технологияси жорий қилинди. Яна 700 гектар майдонда интенсив услубда узумзорлар барпо этилмоқда. 2015 йилга қадар яна 7,3 минг гектар ерда янги боғлар барпо этиш режалаштирилган. Агар 2013 йилда 123,8 минг тонна узум қайта ишланган бўлса, шундан 18 минг тоннаси компания боғларида етиштирилган. Жорий йилда ушбу кўрсаткични 30 минг тоннагача чиқариш мўлжалланмоқда”, - деб қайд этишди холдинг вакиллари.
Расмий маълумотларга кўра, охирги беш йил ичида компания корхоналари турли танловларда 170 атрофида олтин, кумуш ва бронза медалллар, 50 зиёд дипломлар олганлар.