Ўзбекистонда йиллик демографик тўплами чоп этилди
Тошкент. 10 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси йиллик демографик тўпламни чоп этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Қўмитадан хабар қилишларича, демографик йиллик тўпламда Ўзбекистон Республикаси аҳолиси сони тўғрисидаги маълумотлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кесимида келтирилган.
Доимий аҳоли сони тўғрисидаги маълумотлар жинси, ёши, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси бўйича тақдим қилинган.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг сони туман ва шаҳарлар кесимида кўрсатилган.
Доимий аҳоли сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳоли сонининг танлама статистик кузатувини тайёрлаш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ўтказилган кузатувлар натижаларини ҳисобга олган ҳолда келтирилгани ҳам таъкидлаб ўтилган.


