Ўзбекистонда йирик миқдордаги фирибгарлик учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишлари мумкин

Дата: 22:09, 29-12-2016.

Тошкент. 29 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда йирик миқдордаги фирибгарлик учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишлари мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Жиноят кодексидаги фирибгарлик учун жазо белгиланган 168-моддага тегишли тузатишлар киритилди. Тузатишлар 2016 йил 26 декабрдаги 416 қонун билан киритилган.

Norma.uz портали маълумотларига кўра, ҳуқуқий фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқини қўлга киритиш энг кам ойлик иш ҳақининг 50 дан 100 баравари миқдоридаги жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси берилишига олиб келади.

Катта миқдорда ёки олдиндан тил бириктирган ҳолда гуруҳ бўлиб ёки компьютер техникасидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик амалга оширилса, ЭКИҲМнинг 100 дан 300 бараваригача жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазо берилади.

Фирибгарлик катта миқдорда, такроран ёки хавфли рецидивист ёки хизмат вазифасидан фойдаланган ҳолда содир этилса, ЭКИҲМнинг 300 дан 400 бараваригача ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 5 йилдан 8 йилгача муайян ҳуқуқлардан маҳрум этилган ҳолда озодликдан маҳрум қилиш жазосига лойиқ деб топилади.

Ва ниҳоят, фирибгарлик ўта йирик миқдорда, ўта хавфли рецидивист ёки уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатлари учун содир этилса, 400 дан 600 бараваргача ЭКИҲМ ёки 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазо билан жазоланади.

Айни пайтда, етказилган моддий зарар қоплаб берилганда айбдорларга озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланмайди.

Эслатиб ўтамизки, 2016 йил 22 августдан бошлаб ЭКИҲМ149775 сўмга тенг.

$1=3217,56 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: