Ўзбекистонда Юлдуз Усмонованинг концертига турмаршрут очилди
Тошкент. 13 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Юлдуз Усмонованинг концертига турмаршрут очилди, деб ёзади Sputnik Ўзбекистон нашри.
“Ўзбекистоннинг йирик туристик операторларидан бири Yasmina-tour ўзбек эстрадасининг машҳур юлдузи Юлдуз Усмонованинг бўлажак концертларига бағишлаб хорижликлар учун махсус маршрут ташкил қилди”, - дейилади мақолада.
Туристик компания вакилларининг фикрича, Ўзбекистон ва собиқ иттифоқ республикалари ўртасида ҳамиша дўстона муносабат бўлган, ўзбек санъаткорларини ҳамма жойда севиб-ардоқлашган.
“Ўзбекистоннинг “Ялла” гуруҳи ҳали-ҳамон Мустақил давлатлар ҳамдўстлигида оммавийлигини йўқотмаган. Фаррух Зокиров МДҲнинг тўққизта мамлакати Халқ артисти унвонига эга. Ўзбекистон маданияти, ўзбек юлдузларининг концертлари кўплаб қўшниларимизда қизиқиш уйғотади. Биз барчани ўзбек эстрадаси қироличаси, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг такрорланмас шоу-концертига таклиф этамиз”, - дейилади компания хабарида.
Эслатиб ўтамизки, 11-23 апрел кунлари “Истиқлол” санъат саройида Юлдуз Усмонованинг яккахон концерти бўлиб ўтади. Мухлислар 13 кун давомида жонли ижрода бўлиб ўтадиган “Эй азиз инсон” номли концерт дастуридан баҳраманд бўлишлари мумкин.
Хонанда мухлисларига мусиқачилар, рақс гуруҳлари ва бошқалар иштирокида шоу-дастур намойиш этилади. Ҳам кўпчилик севган, ҳам янги қўшиқлар ижро этилади.
Концерт учун чипталарининг нархи 20 минг сўмдан 250 минг сўмгачани ташкил этади.