Ўзбекистонда юридик хизматлар ходимларига мартаба даражалари берилади

Дата: 15:37, 27-01-2017.

Тошкент. 27 январ. ЎзТАГ – Энди Ўзбекистон давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларига мартаба даражалари берилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ва бошқа ўзгаришлар Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 19 январдаги  “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган. Хужжат давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлаш, демократик ва ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлигини кучайтириш мақсадида қабул қилинган.

Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан уларнинг ҳудудий тузилмаларида, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган энг кам меъёр ва мезонларга асосан, мажбурий тартибда юридик хизматлар ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш, уларнинг ходимларини аттестациядан ўтказиш ва малакасини ошириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланади.

Ушбу мақсадда вазирлик тизимида қўшимча Юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида тегишли шўъбалар ташкил этилмоқда.

Қарорга мувофиқ, Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисидаги Низом ва Юридик хизмат ходимларининг мартаба даражалари тўғрисидаги Низом ҳам тасдиқланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: