Ўзбекистонда юридик шахслар бўш иш жойлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши шарт қилиб қўйилди

Дата: 15:02, 16-11-2017.

Тошкент. 16 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда меҳнат органларига бўш иш ўринлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги тўғрисида ва ишдан озод этилиши мўлжалланаётган ходимлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом янгиланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, асосий ўзгартиришлардан бири бу меҳнат органларига бўш иш ўринлари мавжудлиги ва ишдан озод этилиши мўлжалланаётган ходимлар ҳақидаги маълумотларни мулкчилик шаклидан қатъий назар барча иш берувчи – юридик шахслар томонидан тақдим этилишини назарда тутади. Шу билан бирга, кичик тадбиркорлик субъектлари бу маълумотларни ихтиёрий тартибда тақдим этишлари мумкинлиги белгиланди.

Шунингдек, мазкур маълумотларни тақдим этиш тартиби ҳам такомиллаштирилди. Амалдаги тартибга кўра бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар Бандликка кўмаклашиш марказларига фақат қоғоз кўринишида тақдим этилиши мумкин эди.

Эндиликда, бу маълумотлар иш берувчи – юридик шахслар томонидан уларнинг мансабдор шахсининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг порталига (ish.mehnat.uz веб-сайти) ҳар ойда жойлаштирилиб борилади.

Иш берувчининг электрон рақамли имзоси ёки информацион-коммуникацион технологиялардан фойдаланиш имконияти бўлмаганда бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар қоғоз шаклида аввалги тартибга кўра тақдим этилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: