Ўзбекистонда юридик шахсларга автотранспорт ижараси бўйича бизнес билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш режалаштирилмоқда
Тошкент. 17 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда автомототранспорт воситаларини ўттиз кунгача бўлган муддатга нотариал тасдиқлаш амалиётидан вос кечиб, юридик шахсларга автотранспорт ижараси бўйича бизнес билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига Фуқаролик кодексининг 565-моддасига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси киритилди.
Парламентдан маълум қилишларича, қонун ижодкорларининг фикрига кўра, автомототранспорт воситаларини ижарага бериш тартибининг ўзгартирилиши бозор ривожига хизмат қилиб, мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга ёрдам беради.
Ушбу ҳуқуқни рент-э-кар хизматига ихтисослашган юридик шахсларга бериш кўзда тутилмоқда. Уларда ўз автопарки, техник соз ва суғурталанган автомобиллар бўлиши зарур. Истаган киши ёзма битим ёрдамида машинани ажарага олиши мумкин.
Қонун лойиҳаси сиёсий партияларнинг парламент фракцияларида муҳокама қилинди.
Хусусан, депутатлар ушбу хизмат кўрсатиш ҳуқуқини нафақат юридик шахсларга, балки жисмоний шахсларга ҳам бериш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, бу бир тарафдан рақобатни ривожлантиришга хисса қўшади, иккинчи тарафдан, мамлакатда рент-э-кар сервисининг ривожланмаганлигини ҳисобга олиб, хизмат сифатига путур етади, деган фикр ҳам бор.
Шунингдек, мазкур фаолият билан шуғулланиш учун бир нечта ходимлар, яъни механик, инженер, транспорт созлигини текширувчи, чет эллик турист бўлса таржимон керак бўлиши таъкидланди. Буларни айнан юридик шахс кўрсатиши мумкин. Бизга маълумки, якка тартибдаги тадбиркор иккита ходим олиши мумкин, ўзи билан уч нафарни ташкил этади, холос. Шундан келиб чиқиб, янги меъёр бу соҳада хизмат кўрсатувчилар доирасини торайтиради, бошқа тарафдан эса, хусусий ширкатларнинг фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги масъулиятини кучайтиради.
Қонун лойиҳасини мутахассислар ва кенг аҳоли иштирокида атрофлича муҳокамага чиқарилади.
Сурат манбаи: https://northwesternbusinessreview.org/concerns-in-the-subprime-auto-loan-market-264343ccf0af