Ўзбекистонда юридик шахсларга фуқароларни хорижга ишга жойлаштиришга рухсат берилди
Тошкент. 6 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда юридик шахсларга фуқароларни хорижга ишга жойлаштиришга рухсат берилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу Ўзбекистон президентининг 2018 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.
Ҳужжат “Ташқи меҳнат миграцияси тизимини янада такомиллаштириш, унинг ташкилий шаклларини тубдан кенгайтириш, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига кетаётган фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларини тадбиркорлик ва меҳнат фаолиятига жалб этишни кенгайтириш мақсадида” қабул қилинган.
Қарорга мувофиқ, 2018 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.
Бундан ташқари, улар хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий малакасини, жумладан, касбий кўникмаларга эга бўлиш ва хорижий тилларни билиш даражасини тасдиқлаш борасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Шунингдек, 2018 йил 1 августдан хусусий меҳнат шартномалари бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда ихтиёрий рўйхатдан ўтиш таомилини жорий этган ҳолда, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби бекор қилинади.
Шунингдек, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига энг кам иш хақининг тўрт ярим баравари миқдорида йиллик суғурта тўловларини ихтиёрий равишда тўлаш тартиби жорий этилади, бунда тўловлар амалга оширилган даврлар белгиланган тартибда меҳнат стажига қўшилади.
Сурат манбаи: http://berlek-nkp.com/tadzhikistan/page/2/