Ўзбекистонда “Ўзқурилишматериаллари” АЖ тугатилиб, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ташкил этилмоқда

Дата: 13:45, 21-02-2019.

Тошкент. 21 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда “Ўзқурилишматериаллари” АЖ тугатилиб, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ташкил этилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Қурилиш материаллари саноати корхоналари, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг Ўзбекистон қурилиш материаллари саноати корхоналари уюшмасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин”, - дейилади президентнинг “Қурилиш материаллари саноатини тубдан такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида.

Ҳужжатга мувофиқ, “Ўзқурилишматериаллари” АЖнинг бошқарув органлари йиғилишларида унинг хўжалик жамиятлари устав капиталларидаги акциялари (улушлари) пакетларини Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиш орқали тугатилади.

Уюшманинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, талаб катта бўлган қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ички бозорни импорт ўрнини босувчи ва рақобатбардош қурилиш материаллари ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарилган буюмлар билан тўлдириш, шунингдек, тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш кабилар белгиланди.

Қайд этилишича, 2022 йил 1 январга қадар корхоналарнинг шартномалар бўйича “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасига тўланадиган ажратмалари юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базадан чиқариб ташланади.

Сурат манбаи: uznews.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: