Ўзбекистонда “Ўзатом” агентлиги ташкил этилди
Тошкент. 20 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда “Ўзатом” агентлиги ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан кўзда тутилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, “Ўзатом” Атом энергетикасини ривожлантириш агентлигини ташкил этиш ҳақидаги қарор аҳоли ва мамлакат иқтисодиётининг электр энергиясига бўлган ўсиб бораётган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, энергия ҳосил қилувчи қувватларни кўпайтириш ҳисобига энергия билан барқарор таъминлаш, энергетика секторини диверсификация қилиш, атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш ва ушбу йўналишларга илғор инновацион технологияларни жорий этиш мақсадида қабул қилинган.
Ҳужжатга мувофиқ, ҳукуматга 2018 йил 1 октябрга қадар муддатда “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш топширилди.
“Ўзатом” агентлиги, Фанлар академияси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси, ишлаб чиқилган Концепцияга мувофиқ Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳалари портфели, 2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш давлат дастури лойиҳасини, шунингдек, Концепция ва Дастурнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилишини ва тасдиқлаш учун киритилишини таъминлаш топширилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон олий таълим муасссаларида атом энергетикаси соҳасида малакали кадрлар тайёрланади.
Сурат манбаи: http://mezgil.com/world/turciya-planiruet-postroit-dve-atomnye-elektrostancii