Ўзбекистонда ўзбек-хитой қўшма лойиҳаларини қабул қилиш бошланди

Дата: 22:58, 15-04-2015.

Тошкент. 15 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологиялар ривожлантиришни мувофиқлаштириш бўйича қўмита (ФТРМҚ) “Ўзбекистон-Хитой 2015” илмий-тадқиқот дастурини шакллантириш учун қўшма ўзбек-хитой лойиҳаларини қабул қилишни бошлади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Қўмитадан хабар қилишларича, конкурсга энергетика ва энергияни тежаш, янги, шу жумладан, қурилиш материаллари, ахборот-коммуникация технологиялари, электроника ва электротехника, қишлоқ ҳўжалиги тадқиқотлари, биотехнология, фармацевтика, тиббиёт, ер ҳақидаги фанлар ва экология йўналишларидаги ўзбек-хитой қўшма лойиҳалари қабул қилинади.

Лойиҳалар танлови икки босқичда олиб борилади. Биринчи босқичда ҳар бир томон давлатларида ҳамкорликнинг келтирилган устивор йўналишлари бўйича қўшма лойиҳалар танлови мустақил олиб борилади. Дастлабки экспертизадан ўтган лойиҳалар заҳира лойиҳалар рўйҳатига киритилади ва икки тарафга кўриб чиқиш учун тавсия этилади. Томонларнинг қўшма заҳира лойиҳалари рўйхати шакллантирилгандан сўнг лойиҳа таклифларининг иккинчи босқичи ташкил этилади. Заҳира лойиҳалар рўйҳатига киритилган лойиҳа таклифларининг раҳбарларига кейинги лойиҳалар танлови учун тўлиқ ариза шакли бўйича лойиҳаларни тақдим этиш зарурати ҳақида хабар берилади.

Ўзбек илмий гуруҳлар кўшма лойиҳалар таклифларини (қисқа ариза шакли) хитой ташкилотлари – шериги билан олдиндан келиштиради, сўнг 2015 йилнинг 13 июнига қадар ФТРМҚнинг сайтида рўйхатдан ўтади ва Қўмитага 2015 йилнинг 18 июнига қадар қоғоз ва электрон ташувчи воситалар шаклида топширилади.

Конкурс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш бўйича қўмитаси ва Хитой Халқ Республикасининг Фан ва техника вазирлиги томонидан икки мамлакат илмий ҳамжамиятлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадларида ўтказилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: