Ўзбекистонда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси ташкил этилди

Дата: 16:22, 24-02-2016.

Тошкент. 24 феврал. ЎзТАГ - Ўзбекистонда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

У Ўзбекистон президентининг 18 февралдаги “Республика озиқ-овқат саноати корхоналарини бошқаришни такомиллаштириш чора тадбирлари тоғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилмоқда.

Эндиликда озиқ-овқат саноати корхоналари ассоциацияси тугатилиб, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси ташкил қилинади.

“Қарорига кўра, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХКнинг устав капитали тугатилаётган Ассоциация таркибига кирувчи корхоналар устав фондларидаги давлатга тегишли акция пакетлари баланс қийматида ўтказилиши ҳисобидан шаклланади. Шу билан бирга, Ассоциация холдингга ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шу жумладан, баланс қиймати бўйича мулкларини беминнат топширади”, - дейилади Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, қарор билан холдинг таркибида Озиқ-овқат саноати корхоналарини ривожлантириш, реконструкциялаш ва модернизациялаш жамғармаси ташкил этилиши кўзда тутилган. Унинг шаклланиш манбалари холдинг таркибига кирувчи корхоналарга давлат улуши бўйича белгиланган дивидендлари (50%) ҳамда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” корхона ва ташкилотлари соф фойдасининг 0,5% миқдордаги ҳиссасига тўғри келади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: