Ўзбекистонда жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарни чекишни таъқиқлаш режалаштирилмоқда
Тошкент. 21 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарни чекишни таъқиқлаш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ЎзР. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг матбуот хизматига таянган ҳолда.
Хусусан, 20 июнда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарни чекишни чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. У “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси ташаббуси билан бир гуруҳ депутатлар томонидан қуйи палата муҳокамасига киритилган.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси фуқароларнинг соғлиғини чилимлар ва электрон сигареталарнинг зарарли таъсиридан, у билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан муҳофаза қилишга, хусусан ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга, шунингдек бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимиз жамоатчилиги ўртасида ҳам кашандаликка қарши кураш муҳитини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шароитларини яратишга қаратилган.
Шунингдек, мунозаралар давомида сиёсий партиялар фракциялари вакиллари томонидан қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекиш кенг тарқалишининг, чилим ва электрон сигареталарни чекилиши натижасида келиб чиқадиган касалликларнинг, шунингдек гуруҳ бўлиб чекиш оқибатида юқиш хавфи бўлган юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишга хизмат қилиши қайд этиб ўтилди.
Сурат манбаи: https://www.ewanbramley.com/e-cigarettes/