Ўзбекистонда жамоавий шартномалар билан қамров деярли 100%

Дата: 12:24, 04-05-2016.

Тошкент. 4 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда юридик шахсларни жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олиш кўрсаткичи 99,3% ташкил этади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Касаба уюшмалари федерациясидан хабар беришларича, бугунда Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишув, республикамизда амал қилаётган 95та тармоқ келишуви, 14та ҳудудий келишувдан келиб чиққан ҳолда ҳозирги пайтда корхона, ташкилот ва муассасаларда 122 619та жамоа шартномаси амал қилмоқда.

2015 йилда касаба уюшмалари томонидан жамоа шартнома ва келишувлари орқали 278 минг нафардан зиёд аҳоли вакилларига 128,1 млрд сўмлик ижтимоий кўмак берилди. Шу жумладан, 2 460та ёш оилага мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар, шунингдек, уй-жой қурилиши учун 48,7 млрд сўмлик  фоизсиз ссудалар берилди.

2 ёшдан 3 ёшгача фарзандлари бўлган 7 минг нафардан ортиқ ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатилди. Нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 6 минг 240 нафар болали аёлларнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш ҳафтаси 1 соатга қисқартирилди. Бундан ташқари, 2 минг 416 нафар аёл учун ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари куни узайтирилди.

Кейинги йилларда жамоа шартномалари ходимлар даромадларини ошириш мурватига айланди. Жумладан, корхона, ташкилот ва муассасаларда ўрта ҳисобда бир ходимга ойлик маошдан ташқари, жамоа шартномаси орқали сарфланган маблағ миқдори бундан 3-4 йил аввалгига нисбатан сезиларли даражада ортиб, ўтган йил давомида 1,5 млндан 7,5 млн сўмгача миқдорни ташкил этди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: