Ўзбекистонда "Жаслиқ" колонияси тугатилади

Дата: 12:33, 05-08-2019.

Тошкент. 5 август. ЎзТАГ – Ўзбекистонда "Жаслиқ" колонияси тугатилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирлиги (ИИВ)нинг 19-сонли жазони ижро этиш бўйича ихтисослаштирилган колониясини тугатиш тўғрисида"ги президент қарори қабул қилинди (ПҚ-4414, 2019-йил 2-август). Қарорга мувофиқ, Қўнғирот тумани, Жаслиқ қишлоғи манзилида жойлашган колонияни тугатишга розилик берилди", – дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, "Жаслиқ" колонияси қийноқлар ва маҳбусларни масхара қилиш билан машҳур. У ерга тақиқланган ташкилотлар ва терроризмда айбланганлар жўнатилади. У жой маҳбусларга нисбатан яшаш шароитининг ёмонлиги ва шафқатсизлиги учун бир неча бор танқид қилинган. 2002 йилда Human Rights Watch икки маҳбус – Музаффар Авазов ва Ҳусниддин Алимовнинг ўлими ҳақида хабар берди. HRWга мурожаат қилган шифокорларнинг фикрига кўра, биринчи жасадда жароҳатлар, жумладан, куйишлар топилган.

2017 йилда БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шоҳид Ўзбекистонга, хусусан, "Жаслиқ"колониясига ташриф буюрди. Унинг сўзларига кўра, колонияда маҳбуслар ташкилотнинг ички тартиб-қоидаларини ва дастурини бузмагунча имон-эътиқодни амалга оширишлари мумкин.

2019 йилнинг май ойида АҚШ халқаро диний эркинлик комиссияси (USCIRF) ҳукуматга Ўзбекистонни "кўплаб диний эътиқод маҳбусларини ушлаб турган" Жаслиқ "колониясини ёпишга ва қамоқхоналарни мустақил мониторинг қилишга рухсат беришга чақирди.

 

Сурат манбаи: ktar.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: