Ўзбекистонда жиноятчилик даражасининг пасайиши статистикаси очиқланди

Дата: 13:14, 16-11-2017.

Тошкент. 16 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда жиноятчилик даражасининг пасайиши статистикаси очиқланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

  “Жумладан, жорий йилнинг 10 ойи мобайнида умумий жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга, шундан талончилик 16 фоизга, босқинчилик – 19 фоизга, қотиллик – 21 фоизга, товламачилик – 22 фоизга, безорилик – 34 фоизга камайишига эришилди”, - дейилади Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябр куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш  масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишига доир хабарда.

Шунингдек, аёллар ўртасида жиноят содир этиш ҳолатлари 16 фоизга, ёшлар ўртасида 14 фоизга, вояга етмаганлар ўртасида 17 фоизга камайгани таъкидланди.

Аҳоли ва жамоатчилик билан яқин ҳамкорлик ва мулоқот ўрнатилгани натижасида 1 минг 243 маҳаллада биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмагани ҳам қайд этиб ўтилди.

“Уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини ўрганиш натижасида 22 минг 370 оиланинг нотинчлигига барҳам берилди, 11 минг 345 ёш оила ажрашиб кетишдан сақлаб қолинди, маҳалла посбонларининг тезкор хабарлари ёрдамида 4 минг 494 жиноят фош этилди”, - дейилади хабарда. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: