Ўзбекистонда жиноятлар сони 4,6 мингтага камайди
Тошкент. 18 август. ЎзТАГ – Жорий йилнинг 7 ойида 2016 йилнинг шу даврига нисбатан жиноят содир этиш ҳолатлари 4600тага камайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу маълумотлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 17 август куни Тошкентда ички ишлар органлари тизимида олиб борилаётган ишларнинг аҳволи, муаммолар ва келгусидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида келтириб ўтилди.
“Жумладан, қасддан одам ўлдириш 72 тага, қасддан оғир тан жароҳати етказиш 75тага, босқинчилик 81тага, безорилик 401тага камайди. Энг муҳими, вояга етмаган шахслар томонидан жиноят содир этиш 12,8%, аёллар жиноятчилиги 3,84% камайишига эришилди”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.
Маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик институтлари билан биргаликда олиб борилган кенг қамровли профилактика тадбирлари натижасида 1765та маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмагани таъкидлаб ўтилган.